«Бугунги кунда китобхонларга хизмат кўрсатишда мактаб кутубхоналарининг фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий  вазифалари» мавзусидаги кўчма ўқув-семинар машғулот ўтказилди

       Кутубхона-маърифат чашмаси, китоб инсоннинг энг яхши дўстидир, ёш авлодни  китобларга ошно қилиш, уларнинг қалбида эзгулик, инсонпарварлик сингари юксак инсоний фазилатларга нисбатан меҳр муҳаббат уйғотиш, турли маънавий таҳдидларга нисбатан соғлом, мустақил фикрлашни шакллантириш, ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи керак.

Бу борада қабул қилинаётган  фармойиш ва қарорлар ёш авлод қалбида китобга меҳр уйғотиш комил инсон қилиб тарбиялаш доирасида жуда ҳам муҳим қадам бўлди. 2018 йил 14 март куни соат 1000да Навоий шаҳар 1-Давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб кутубхонасида “Бугунги кунда китобхонларга хизмат кўрсатишда мактаб кутубхоналарининг фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий  вазифалари” мавзусида кўчма ўқув семинар машғулоти ўтказилди.

      Семинарни вилоят Ахборот-ресурс маркази директори Р. Ризаева кириш сўзи билан очиб берди ҳамда семинар машғулотининг тартиби ва мақсад вазифалари билан иштирокчиларни таништириб ўтди.

      Дастур юзасидан “Ахборот-ресурс марказлари ва мактаб кутубхоналарида Ахборот кутубхона ва Ахборот-ресурс хизматларини янада сифатли ривожлантириш” мавзусида  Хатирчи туман Ахборот-ресурс маркази услубшуноси Рўзиева Шодия сўзга чиқиб Ахборот олиш маданиятини эгаллаш кутубхонадан фойдаланадиган барча истеъмолчилар учун зарур умуммаданий кўникмадир. У таълим жараёнида технологияларни самарали уйғунлаштиришда ўзига хос тамойилга айланиши ҳамда Ахборот-ресурс марказлари кутубхоначиларида ахборот олиш маданиятини шакллантириш бўйича олиб борилиши керак бўлган ишлардан бири-китобхонларни ахборотни қайд этиш ва ундан фойдаланишга ўргатиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

“Мактаб кутубхоналарида дарсликлар ҳужжатлари  билан ишлаш” юзасидан Навоий шаҳар Халқ таълими бўлими дарсликлар бўйича услубчиси Г. Рахматова сўзга чиқди. У ўз маърузасида кутубхоналардаги дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни сақлаш учун тегишли шарт-шароитларни таъминлаш ҳамда ўқувчилар ўртасида дарсликларни авайлаб асраш туйғусини ривожлантиришга йўналтирилган тарбиявий ишлар олиб борилишини ташкил этиш умумтаълим мактаблари кутубхоначилари меҳнати натижаларига боғлиқлигини жадвал асосида кўрсатиб ўтди.

“Бугунги кунда китобхонларга хизмат кўрсатишда мактаб кутубхоналарининг фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий  вазифалари” мавзусида Навоий шаҳар 1-Давлат ихтисослаштирилган мактаб кутубхоначиси Ҳ. Ўринова Мактаб кутубхоналари ишини янада такомиллаштириш, уни назарий асосларга таянган ҳолда ташкил этиш, имкониятларини белгилаб бериш педагогика фанининг муҳим вазифаларидан эканлигишу боис кутубхоналарни давр талабларига мос тарзда жиҳозлаш, илғор ахборот технологиялари ва ранг-баранг адабиётлар билан бойитиш, ёшларнинг китобхонлик маданиятини шакллантириш механизмларини ишлаб чиқиш масалаларига катта эътибор қаратилиши ҳақида ва бу борада мактаб кутубхонасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида слайд усулида кўрсатиб ўтди.

      Сўзга чиққан мутахассисларнинг иш кўламлари ўрганилиб, йиғилган кутубхоначилар ўзларининг қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда иш давомида учрайдиган муаммолар билан ўртоқлашдилар.

       Турли масалалар юзасида  вилоят ахборот-ресурс маркази бўлим мудири Г. Раджабова сўзга чиқиб, Халқ таълими вазирилгининг 2018 йил 16 январь17-сонли буйруғи ҳамда 16 февраль 02-05/1-3-1037-сонли хати ижроси юзасидан Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарғиботчи китобхон ўқувчи” номинациясини ташкил этиш бўйича туман, шаҳар мактаб кутубхоналарида олиб борилган ишлар ва улар томонидан сўралган маълумотларни йиғиб олинганлиги тўғрисида маълумот бериб, айрим туман мактаб кутубхоналари томонидан юборилган фотолавҳалар қониқарсизлиги Низом асосида тақдим этилмаганлигини изоҳлаб ўтди. “Тарғиботчи китобхон ўқувчи” номинациясини жойларда тўғри ташкил этиш тўғрисида тавсия ва кўрсатмалар берди.

      Халқ таълими вазирлигининг 2013 йил 35-сонли буйруғи ҳамда Республика болалар кутубхонасининг 2017 йил 25 октябрь 03/01-204-сонли хати ижросини таъминлаш юзасидан вилоят Ахборот-ресурс маркази бош мутахассиси Н. Сувонова сўзга чиқиб, Навоий вилоят Ахборот-ресурс марказлари ҳамда умумтаълим мактабларида 2018 йил февраль  ойида  ташкил этилган “Китобхонлар байрами” тадбири доирасида “Адабиёт кунлари” да ўтказилган ҳамда ўтказиладиган тадбирларни жойларда юқори савияда ташкил этиш ҳамда олиб борилган ишлар юзасидан маълумотларни ўз вақтида мактаблар кесимида тайёрлаб етказишни таъкидлаб ўтди.